Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

O`z DSt 3556:2021. Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар (АВ томонидан 27.10.2021 й. 43-сон билан рўйхатга олинган Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг 19.10.2021 й. N 35-2021 буйруғи билан тасдиқланган)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2021 йил 27 октябрда 43-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Олий ва ўрта махсус

таълим вазирининг

2021 йил 19 октябрдаги

35-2021-сон буйруғига

ИЛОВА



O`z DSt 3556:2021



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ СТАНДАРТИ

   

O`z DSt 3556:2021

Олий таълимнинг давлат таълим стандарти.

Асосий қоидалар

      

       

КИРИШ

        

Мазкур давлат стандарти Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари, шунингдек ЮНЕСКО (UNESCO) томонидан жорий қилинган "Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси" (ТХСК 2011) ва "ТХСК: Таълим ва касбий тайёрлаш соҳалари"га (ТХСК-С 2013) мувофиқ ишлаб чиқилган.



1. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

         

1. "Олий таълимнинг давлат таълим стандарти. Асосий қоидалар" (бундан буён матнда Давлат таълим стандартлари деб юритилади):

кадрлар тайёрлаш сифатига, таълимнинг мазмунига қўйиладиган умумий талабларни;

таълим олувчилар тайёргарлигининг зарур ва етарли билим даражаси ҳамда олий таълим муассасалари битирувчиларига қўйиладиган умумий малакавий талабларни;

ўқув юкламасининг ҳажмини;

таълим муассасалари фаолияти ва кадрлар тайёрлаш сифатини баҳолаш тартиблари ҳамда механизмини белгилайди.


2. Давлат таълим стандартлари ўқув жараёнини, таълим муассасалари фаолиятини, кадрлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари тайёрлаш сифатини баҳолашни тартибга солувчи тегишли ҳужжатларни (бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун малака талаблари, ўқув режалари, ўқув дастурлари ва бошқалар) ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.


3. Давлат таълим стандартлари олий маълумотли кадрлар тайёрлашда идоравий бўйсунув ва мулкчилик шаклларидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг давлат таълим стандартлари асосида кадрлар тайёрловчи барча олий таълим муассасалари учун мажбурийдир.

Нодавлат таълим ташкилотлари мустақил ишлаб чиқилган ва лицензияда кўрсатилган ўқув дастурлари асосида таълим фаолиятини амалга оширишлари мумкин.



2. ТЕХНИК ЖИҲАТДАН ТАРТИБГА

СОЛИШ СОҲАСИДАГИ НОРМАТИВ

ҲУЖЖАТЛАРГА ҲАВОЛАЛАР

          

O`z DSt 1.0:1998 Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш давлат тизими. Асосий қоидалар;

O`z DSt 1.8:2009 Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш давлат тизими. Тавсияномалар. Асосий қоидалар;

O`z DSt 1.9:1995 Ўзбекистон Республикасининг стандартлаштириш давлат тизими. Тармоқ стандартларини ишлаб чиқиш, келишиш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиби.



3. АТАМАЛАР ВА ТАЪРИФЛАР

         

Мазкур давлат стандартида қуйидаги атамалар қўлланилади:


олий таълим - узлуксиз таълимнинг олий таълим муассасаларида амалга ошириладиган, юқори малакали мутахассислар тайёрловчи икки босқичдан иборат (бакалавриат ва магистратура) мустақил тури;


бакалавриат - олий таълим йўналишларидан бири бўйича чуқурлаштирилган билим, малака ва кўникмалар берадиган, давомийлиги камида уч йил бўлган таянч олий таълимдир;


магистратура - тегишли бакалавриат негизидаги аниқ мутахассислик бўйича давомийлиги камида бир йил бўлган олий таълимдир;


олий маълумот даражаси - шахс томонидан олий таълимнинг муайян ўқув режалари ва ўқув дастурларини мазкур маълумот ҳақида тегишли давлат ҳужжати берилган ҳолда ўзлаштириши натижаси;


олий маълумот ҳақида давлат ҳужжати (диплом) - аккредитациядан ўтган олий таълим муассасалари битирувчиларига бериладиган ва уларнинг олий таълимнинг ўқув режалари ва ўқув дастурларини бажарганликларини тасдиқловчи давлат намунасидаги ҳужжат. Ҳужжат узлуксиз таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириш ёки олинган академик даражага мувофиқ ишлаш ҳуқуқини беради;


олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори - олий маълумотли кадрлар тайёрлаш учун бакалавриат таълими йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг тизимлаштирилган рўйхати;


малака талаблари - олий таълим тегишли босқичи битирувчисининг билим, кўникма ва компетенцияларига қўйиладиган талаблар;


ўқитишнинг меъёрий муддати - таълим олувчилар томонидан ўқув режалари ва ўқув дастурларини ўзлаштирилиши учун белгиланган муддат;


ўқув фанлари блоки - ўқув режаларида белгиланган фанлар мажмуалари, қоида тариқасида "мажбурий фанлар" блоки ва "танлов фанлари" блокига ажратилади;


ўқув режа - олий таълимнинг муайян бакалавриат таълим йўналиши ёки магистратура мутахассислиги бўйича ўқув фаолияти турлари, ўқув фанлари ва курсларининг таркиби, уларни ўрганишнинг изчиллиги, соатлар ва кредитлардаги ҳажмини таълим даврининг тўлиқ муддати учун белгилайдиган ҳужжат;


ўқув юклама - ўқув дастурларни ўзлаштириш учун зарур бўлган академик соатлар ҳажми;


ўқув фани - таълим жараёнида муайян таълим йўналиши ва мутахассисликлар бўйича ўзлаштирилиши зарур бўлган тегишли илмий, ишлаб чиқариш, иқтисодий, ижтимоий соҳалардан саралаб олинган билим ва кўникмалар тизими;


ўқув йили - олий таълим муассасасида бир таълим курсини якунлашга мўлжалланган ўқув фаолияти даври. Ўқув йили икки календарь йил билан белгиланади, масалан, 2021/2022 ўқув йили;


ўқув семестри - олий таълим муассасасида ўқув йилининг ярмини ташкил этувчи ўзаро боғланган фанларнинг маълум мажмуини ўзлаштиришга мўлжалланган ва улар бўйича якуний назорат билан тугалланадиган қисми. Айрим ҳолларда ўқув семестри ўқув йилининг учдан бир қисмини ташкил этиши мумкин;


ўқув дастури - таълим мазмунини белгиловчи ўқув фанининг асосий мавзулари, мазмуни, ўзлаштирилишининг энг мақбул усуллари, ахборот манбалари кўрсатилган ҳужжат;


малака амалиёти - ўқув жараёнининг назарий билимларини мустаҳкамлаш, амалий кўникма ҳосил қилиш, ўқув режалари ва ўқув дастурларнинг маълум (якуний) қисмидаги мавзу бўйича материаллар тўплаш учун ўтказиладиган бир қисми;


якуний давлат аттестацияси - бакалавр ёки магистр академик даражасига қўйиладиган малака талабларига мувофиқ ҳолда, маълум талаб ва тартиб асосида (фанлар бўйича давлат аттестацияси, битирув малакавий иши ёки магистрлик диссертацияси ҳимояси) битирувчи томонидан олий таълим ўқув режа ва ўқув дастурларининг ўзлаштириш даражаси ҳамда сифатини баҳолаш жараёни;


ўқитиш сифатини назорат қилиш - таълим олувчининг билим савиясини текшириш ва унинг ўқув дастурини ўзлаштириш даражасини аниқлаш;


таълим сифатини назорат қилиш - ўқитиш мазмуни ва натижаларининг давлат таълим стандартлари талабларига мувофиқлигини текшириш;


олий таълим муассасаси аттестацияси - давлат таълим стандартларига мувофиқ олий таълим муассасаси фаолиятини баҳолаш ва кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатини аниқлаш бўйича давлат назоратининг асосий шакли;


олий таълим муассасаси аккредитацияси - олий таълим муассасаси фаолияти даражасини давлат таълим стандартларининг мезон ва талабларига жавоб бериши ҳамда битирувчилар олий таълим тўғрисидаги ҳужжатларни бериш ҳуқуқининг давлат томонидан эътироф этилиши;


тажриба орттириш (ишлаб чиқаришда, илмий-тадқиқот муассасасида, хорижда тажриба орттириш) - магистратура мутахассислиги бўйича мақсадли касбий таълим ўқув режа ва ўқув дастурларини ўзлаштириш, магистратура талабаларида илмий-тадқиқот компетенцияларни шакллантириш мақсадида таълимни фан ва ишлаб чиқариш билан интеграциясини ривожлантириш йўли орқали магистрларни энг янги илмий-техник ривожланишдаги ютуқлар ҳамда иқтисод, фан, мудофаа, техника, маданият ва соғлиқни сақлаш ва бошқа тармоқлардаги замонавий техника ва технологиялар базасида илмий тадқиқот олиб бориши.



4. ОЛИЙ ТАЪЛИМ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА

МУТАХАССИСЛИКЛАРИ ЎҚУВ РЕЖАЛАРИ ВА

ЎҚУВ ДАСТУРЛАРИ МАЗМУНИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР

        

      

4.1. Бакалавриат

     

Олий таълим бакалавриат йўналишларининг ўқув режалари ва ўқув дастурлари умумий ўрта ва ўрта махсус, профессионал таълим билан узвийлик ва узлуксизлиги таъминланган ҳолда, олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, бакалавриат таълим йўналишларининг малака талаблари асосида ишлаб чиқилади. Ўқув режалар таркибига ўзлаштирилиши мажбурий бўлган фанлар (мажбурий фанлар) блоки ва танлаб ўзлаштириладиган фанлар (танлов фанлари) блоки киради.

Таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда тегишли соҳаларнинг ўзига хос хусусиятларига мувофиқ ўқув режаларидаги блоклар таркиби ўзгартирилиши мумкин.

Бакалавриат таълим йўналишлари ўқув режалари ва ўқув дастурларини ўзлаштиришда таълим олувчилар аудитория машғулотлари билан бир қаторда ўқув фанлари бўйича мустақил машғулотларни бажариши ва мустақил билим олиши назарда тутилиши лозим.

Бакалавриат таълим йўналишларининг таълим жараёни ўқув режаларига мувофиқ якуний давлат аттестацияси билан тугалланади.

Ўқув режалар ва ўқув дастурлар кредит-модуль тизими асосида ишлаб чиқилади. Айрим (зарур) ҳолларда ўқув режалар ва ўқув дастурлар рейтинг (баҳолаш) тизими асосида ишлаб чиқилиши мумкин.


4.1.1. Ўқув фанлари блоклари мазмунига қўйиладиган умумий талаблар:

мажбурий фанлар блоки фанларни чуқур ўзлаштирилишини тақозо этади ва таълим олувчиларнинг интеллектуал салоҳиятини бойитиш, таълим йўналиши ва соҳага оид зарур фундаментал билимлар, касбий кўникма, уқув ва компетенцияларни шакллантириши, битирувчига танланган йўналиш ва мутахассислик бўйича касбий фаолият билан шуғулланиш ҳамда муайян магистратура мутахассислиги бўйича келгусида таълимни давом эттиришга замин яратиши лозим.

танлов фанлари блоки бакалавриат йўналиши бўйича таълим олувчилар қўшимча чуқур назарий ва амалий билим ва кўникмаларни ўзлаштиришини, инновацион усуллар ва соҳанинг ҳудудий омилларини ҳисобга олган ҳолда касбий компетенциялари кенгайишини таъминлаши, таълим траекторияларига мувофиқ касбий билим ва малакаларни ўзлаштиришга имкон яратиши лозим.


4.1.2. Бакалавриат таълим йўналишлари малака амалиётларига қўйиладиган умумий талаблар.

Таълим олувчилар касбий кўникмаларни мукаммал эгаллаши учун ўқув режалар ва муайян фанларнинг ўқув дастурларида ўқув (танишув), ишлаб чиқариш (клиник, ижодий ва бошқа) ва битирув олди малака амалиётлари назарда тутилиши шарт.

Амалиётлар бакалавриат таълим жараёнининг мажбурий қисми бўлиб, талабаларнинг касбий тайёргарлиги, амалий кўникмалари ва компетенцияларини шакллантиришга йўналтирилади.

Бакалаврлар тайёрлашда қуйидаги малака амалиётлари ўтказилади:

ўқув (танишув) амалиёти - иқтисодиёт тармоқлари, тегишли ташкилот, муассаса ва корхоналар билан таништириш, табиий-илмий ва умумкасбий фанлар бўйича назарий билимларини мустаҳкамлашга қаратилади;

ишлаб чиқариш амалиёти - умумкасбий ва ихтисослик фанларидан назарий билимларни мустаҳкамлаш ва амалий (ишлаб чиқариш) жараёнлари билан уйғунлаштириш, тегишли амалий кўникмалар, компетенциялар ва малакаларни шакллантиришга қаратилади;

битирув олди амалиёти - ишлаб чиқаришда (тегишли соҳа корхона, ташкилот ва муассасаларида) касбий кўникмаларни янада мустаҳкамлаш, касбий фаолиятга мослашиш, битирув малакавий ишни тайёрлаш учун маълумот тўплаш ва тизимлаштиришга қаратилади;

педагогик амалиёт - касб таълими йўналишлари учун қўлланилади ва педагогик маҳоратини оширишга қаратилади.

Таълим йўналишларининг ўзига хос хусусиятларига мувофиқ малака амалиётларининг бошқа турлари ҳам қўлланилиши мумкин.

Ҳар бир амалиёт тури ўқув режа ва ўқув дастурига мувофиқ иқтисодиёт тармоқлари ва реал секторнинг тегишли илғор корхона, ташкилот ва муассасалари, хорижий ва қўшма корхоналар, илмий ташкилотлар, таълим, тиббиёт, маданият ва бошқа муассасаларида, дала шароитларида, махсус тажриба (полигон) объектларида ва бошқаларда ўтказилади.

Амалиётларни ташкил қилиш, ўтказиш ва талабаларни баҳолаш мезонларини белгилаш олий таълим муассасалари томонидан амалга оширилади.



4.2. Магистратура

        

Магистратура мутахассисликларининг ўқув режалари ва ўқув дастурлари мазмуни олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашнинг бирламчи ва бошланғич босқичи сифатида мутахассислик бўйича чуқур фундаментал ва амалий билимлар беришни назарда тутган ҳолда шакллантирилади.

Олий таълим магистратура мутахассисликларининг ўқув режалари ва ўқув дастурлари бакалавриат таълим йўналишларининг ўқув режалари ва ўқув дастурлари билан узвийлик ва узлуксизлигини таъминлаган ҳолда олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, магистратура мутахассисликларининг малака талаблари асосида ишлаб чиқилади. Ўқув режалар таркибига ўзлаштирилиши мажбурий бўлган фанлар (мажбурий фанлар) блоки, танлаб ўзлаштириладиган фанлар (танлов фанлари) блоки ва илмий фаолият блоки киради.

Таълим йўналишлари ва мутахассисликлари ҳамда тегишли соҳаларнинг ўзига хос хусусиятларига мувофиқ ўқув режаларидаги блоклар таркиби ўзгартирилиши мумкин.

Магистратура мутахассисликларининг ўқув режалари ва ўқув дастурларини ўзлаштиришда таълим олувчилар аудитория машғулотлари билан бир қаторда ўқув фанлари бўйича мустақил машғулотларни бажариши ва мустақил билим олиши назарда тутилиши лозим.

Магистратура мутахассисликларининг ўқув жараёни ўқув режаларига мувофиқ якуний давлат аттестацияси (магистрлик диссертациясининг ҳимояси) билан тугалланади.


4.2.1. Ўқув режанинг ўқув фанлари блоклари мазмунига қўйиладиган минимал талаблар:

мажбурий фанлар блоки илмий тадқиқот методологияси, илмий изланиш ва таҳлил, эмпирик ва назарий тадқиқот усуллари, махсус фанларни ўқитиш методикаси, педагогик технологиялар, таълимнинг замонавий усуллари, мутахассисликка доир долзарб ва чуқур илмий, методологик, илмий-техник, технологик билим, уқув, кўникма ва компетенцияларни таълим олувчиларда шакллантириши ҳамда муайян докторантура мутахассислиги бўйича келгусида таълимни давом эттиришга замин яратиши лозим.

танлов фанлари блоки мутахассислик бўйича таълим олувчилар қўшимча чуқур назарий ва амалий билим ва кўникмаларни ўзлаштиришини, инновацион усуллар ва соҳанинг ҳудудий омилларини ҳисобга олган ҳолда илмий, педагогик ва касбий компетенцияларини кенгайишини таъминлаши, таълим траекторияларига мувофиқ магистр даражасидаги касбий билим ва малакаларни ўзлаштиришга имкон яратиши лозим.

илмий фаолият блоки илмий-тадқиқотлар назарияси ва амалиёти ўзлаштирилишини, таълим олувчилар томонидан ихтисослашган илмий ва таълим муассасаларида муайян илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик ишлар бажарилишини назарда тутиши лозим.

Бунда:

илмий-тадқиқот амалиёти таълим олувчилар мустақил тадқиқотчилик фаолиятининг амалий кўникмаларини ҳосил қилиши, илмий-тадқиқотлар ўтказиш, уларнинг натижаларини таҳлил қилиш ва акс эттириш, замонавий ахборот базаларини қўллаш, илмий мақолалар ва магистрлик диссертациясини тайёрлашга доир билим, уқув ва кўникмаларни шакллантириши лозим;

илмий-педагогик амалиёти замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, ўқув-тарбия ишларининг интерактив усулларидан фойдаланган ҳолда педагогик фаолият маҳорати ва кўникмаларини шакллантириши, ўқув жараёнини илмий-услубий жиҳатдан таъминлашни ташкил этишга доир компетенция ва кўникмаларни ҳосил қилиши лозим.

Илмий-тадқиқот амалиёти тақозо этганда якка тартибда илмий изланиш ва тажриба-синовларни ўтказиш мақсадида тажриба орттириш жараёни ташкил этилади. Бунда тажриба орттириш жараёнига йўлланган таълим олувчи ўқув жараёни жадвалини якка тартибдаги иш режаси асосида бажариши кўзда тутилади.

тажриба орттириш таълим олувчиларнинг илмий-тадқиқот олиб бориши, назарий ва амалий билимларини чуқурлаштириш, муайян соҳа ва тармоқдаги замонавий техника ва технологиялар билан танишиши, амалий касбий ва илмий-тадқиқот компетенцияларини шаклланиши, касбга самарали мослашувини таъминлаши лозим.


4.2.2. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув режалар таълим даврининг тўлиқ меъёрий муддати учун (биринчи курсдан якуний курсгача) ишлаб чиқилади ва бу даврда уларга ўзгартириш киритиш, уларни бекор қилиш, ўрнига бошқа ўқув режа ишлаб чиқиб татбиқ этишга йўл қўйилмайди.



5. БИТИРУВЧИЛАРНИНГ ТАЙЁРГАРЛИГИГА

НИСБАТАН ҚЎЙИЛАДИГАН МАЛАКА

ТАЛАБЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ҚОИДАЛАРИ

          

5.1. Олий таълим муассасалари битирувчилари тайёргарлигига нисбатан қўйиладиган талаблар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талабларида баён этилади.

"Таълимнинг халқаро стандарт классификацияси" (ТХСК 2011)га мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимида бакалавриат 6-малака даражасига, магистратура 7-малака даражасига мансубдир.

Бакалаврнинг тайёргарлигига нисбатан қўйиладиган малака талаблари таълим йўналиши бўйича олий маълумотли шахслар эгаллаши лозим бўлган лавозимларда мустақил самарали меҳнат фаолиятини юритишини таъминлаши ҳамда тегишли мутахассислик бўйича магистратурада олий таълимни давом эттириш имконини бериши лозим.

Магистрнинг тайёргарлигига нисбатан қўйиладиган малака талаблари мутахассислик бўйича магистр академик даражали шахслар эгаллаши лозим бўлган лавозимларда мустақил илмий-тадқиқот, илмий-педагогик ва касбга доир бошқарув фаолияти билан самарали шуғулланишини таъминлаши, тегишли мутахассислик бўйича олий таълимдан кейинги таълимда (таянч докторантура, мустақил изланувчи) таҳсил олиш имконини бериши лозим.


5.2. Бакалавр ва магистрларни тайёрлаш олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, малака талаблари, ўқув режа ва ўқув дастури асосида кундузги, кечки (сменали), сиртқи (махсус сиртқи) ва зарур ҳолларда масофавий таълим шаклларида амалга оширилади. Таълим жараёни кредит-модуль тизими асосида амалга оширилади. Айрим (зарур) ҳолларда таълим жараёни рейтинг (баҳолаш) тизими асосида амалга оширилиши мумкин.

Ўқув дастурларининг назарий ва амалий машғулотларини тўлиқ ўзлаштирган, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган бакалавриат таълим олувчиларига "бакалавр" академик даражаси, магистрлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган, якуний давлат аттестациясидан муваффақиятли ўтган магистратура таълим олувчиларига "магистр" академик даражаси ҳамда олий маълумот тўғрисидаги давлат намунасидаги расмий ҳужжатлар берилади.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича қўшма таълим дастурлар ("Double degree") асосида ҳам амалга оширилади. Бунда таълим жараёни давлат таълим стандартларига таянган ҳолда маҳаллий ёки маҳаллий ва хорижий олий таълим муассасалари ўртасида тузилган келишув (шартнома)да белгиланган талаблар асосида тузиладиган ҳамда белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режа ва ўқув дастурларига мувофиқ амалга оширилади.


5.3. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассислиги битирувчиларининг таълимни давом эттириш имкониятлари:

бакалавриат таълим йўналишларининг битирувчилари магистратура мутахассислиги бўйича ўқишни давом эттириш ҳуқуқига эга. Муайян бакалавриат йўналишлари учун ўқишни давом эттириш бўйича магистратура мутахассисликларининг рўйхатини олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи белгилайди;

магистратура мутахассисликларининг битирувчилари таянч докторантура, докторантура ёки мустақил изланувчилик институтларида илмий-тадқиқот фаолиятини белгиланган тартибда амалга ошириши мумкин.



6. ЎҚУВ ЮКЛАМАСИНИНГ ҲАЖМИ

       

     

6.1. Бакалавриат

        

Барча турдаги аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув ишларини ўз ичига олган ўқув юкламасининг ҳажми бир ўқув йили учун 60 кредит, бир семестр учун 30 кредит қилиб белгиланади. 1 кредит 30 академик соат ўқув юкламасига тенгдир.

Рейтинг (баҳолаш) тизими асосида таълим жараёнини амалга ошираётган олий таълим муассасалари учун барча турдаги аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув ишларини ўз ичига олган ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 54 академик соат қилиб белгиланади.

Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кундузги) ўқиш шакли учун аудитория машғулотларининг ҳажми ҳафтасига:

кредит-модуль тизими асосида таълим жараёни амалга оширилаётганда 22 - 32 академик соат оралигида;

рейтинг (баҳолаш) тизими асосида таълим жараёни амалга оширилаётганда 22 - 36 академик соат оралигида белгиланади.

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (кечки) ўқиш шакли учун бир ҳафтада одатда беш кун, аудитория машғулотларининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 20 соат қилиб белгиланади.

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (сиртқи, махсус сиртқи) ўқиш шакли учун аудитория машғулотларининг ҳажми ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кундузги) ўқиш шаклининг камида 30% этиб белгиланади.

Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кундузги) ўқиш шакли учун ўқишнинг меъёрий муддати қуйидагича тақсимланади:

       

Ўқиш муддати*

       

Ҳафталар сони

        

Кредитлар миқдори

    

Академик соатлар

миқдори

    

3 йил


152

180

5 400

4 йил


204

240

7 200

5 йил


256

300

9 000

6 йил


308

360

10 800

        

*) Кундузги ўқиш шакли таянч сифатида олинади.

        

Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (кечки, сиртқи, махсус сиртқи) ўқиш шакли учун кредитлар миқдори кундузги ўқиш шакли кредитларига мос қилиб олинади.

Ўқув даврининг умумий ҳажми қуйидагича тақсимланади:

            

Ўқув даврлари

         

Соғлиқни сақлаш таълим

соҳасидан ташқари барча

таълим соҳалари учун,

% ҳисобида*

      

Соғлиқни сақлаш таълим

соҳаси учун,% ҳисобида

    

Назарий ва амалий таълим


40 - 65

50 - 70

Шу жумладан, аудитория (контактли) ва мустақил таълимнинг нисбати


40/60 фоиз нисбатидан 50/50 фоиз нисбатигача

Аттестация


6 - 15

8 - 15

Таътил**


8 - 21

10 - 18

Малака амалиёти


6 - 25

6 - 20

Битирув малакавий иши***


2 - 7

2 - 5

         

*) Айрим йўналишларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, таълим жараёни заруратига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда улар учун мазкур фоизларга ўзгартириш киритишга йўл қўйилади.


**) Қишки таътил икки ҳафтадан ошмаслиги мақсадга мувофиқ.


***) Битирув малакавий иши таркибига уни ҳимоя қилиш бўйича Давлат аттестациялари ҳам киради.

         

Барча таълим соҳалари учун назарий ва амалий таълим ҳажмининг камида 85% умумкасбий ва ихтисослик (махсус) фанларидан ташкил топган мажбурий ва танлов фанлари блокларидан иборат бўлиши лозим.

Ўқув режаларидаги мажбурий ва танлов фанлари блокларининг ҳажмини таълим йўналишининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ўқув режани ишлаб чиқарувчи олий таълим муассасаси белгилайди.

Бакалавриат таълим йўналишлари таълим олувчиларининг малака амалиётини ўташ тартиби ва битирув малакавий ишини бажариш тартиби олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат бошқарув органи томонидан белгиланади.

Кредит тизими халқаро тамойилларига асосланиб фанлар каталогини тизимлаштириш ва мақбуллаштириш мақсадида ўқув режаларда кредитлар курс ва семестрлар бўйича тақсимотини қуйидагича белгилаш тавсия этилади:

        

Ўқув фанига

ажратилган соат*

     

Фаннинг бир ва икки семестр давомида

ўтилишига қараб ажратиладиган кредитлар

       

1-семестр

    

2-семестр

    

120


4

-

180


6

-

240


4

4

300


4

6

360


6

6

       

*) Ушбу тақсимот магистратурага ҳам тааллуқли.



6.2. Магистратура

         

Барча турдаги аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув ишларини ўз ичига олган ўқув юкламасининг ҳажми бир ўқув йили учун 60 кредит, бир семестр учун 30 кредит қилиб белгиланади. 1 кредит 30 академик соат ўқув юкламасига тенгдир.

Рейтинг (баҳолаш) тизими асосида таълим жараёнини амалга ошираётган олий таълим муассасалари учун барча турдаги аудитория ва аудиториядан ташқари ўқув ишларини ўз ичига олган ўқув юкламасининг энг юқори ҳажми ҳафтасига 54 академик соат қилиб белгиланади.

Ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кундузги) ўқиш шакли учун аудитория машғулотлари ва илмий фаолиятнинг энг юқори ҳажми ҳафтасига 36 академик соат қилиб белгиланиши лозим.

Уқишнинг меъёрий муддати қуйидагича тақсимланади:

         

Ўқишнинг меъёрий

муддати*

     

Ҳафталар сони


Кредитлар миқдори


Академик соатлар

миқдори


1 йил


50

60

1800

2 йил


100

120

3600

3 йил


152

180

5400

       

*) Кундузги ўқиш шакли таянч сифатида олинади.

       

Ўқиш даврининг умумий ҳажми қуйидагича тақсимланади:

     

Ўқиш даврининг

таркибий қисмлари

     

Соғлиқни сақлаш таълим соҳасидан ташқари барча таълим соҳалари учун,% ҳисобида*

       

Соғлиқни сақлаш таълим соҳаси учун,

% ҳисобида

      

Даволаш фаолияти билан

туташган мутахассисликлар

       

Даволаш фаолияти билан туташ бўлмаган мутахассисликлар

       

Назарий ва амалий таълим


30 - 55

45 - 55

30 - 55

Шу жумладан, аудитория (контактли) ва мустақил таълимнинг нисбати


30/70 фоиз нисбатидан 50/50 фоиз нисбатигача

Аттестация


4 - 18

4 - 10

4 - 10

Таътиллар**


6 - 21

10 - 20

10 - 20

Илмий фаолият


30 - 55

30 - 40

30 - 55

         

*) Айрим йўналишларнинг ўзига хос хусусиятидан келиб чиқиб, таълим жараёни заруратига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган ҳолда улар учун мазкур фоизларга ўзгартириш киритишга йўл қўйилади.


**) Қишки таътил икки ҳафтадан ошмаслиги мақсадга мувофиқ.

          

Илмий фаолият магистратура таълим олувчиларининг якка тартибдаги тақвимий иш режаси асосида амалга оширилади ва қуйидагиларга бўлинади:

илмий-тадқиқот иши ва магистрлик диссертациясини тайёрлаш - 60 - 75%;

илмий-педагогик иш ва малака амалиёти - 25 - 40%.

Барча таълим соҳалари учун назарий ва амалий таълим ҳажмининг камида 95% умумметодологик ва мутахассислик фанларидан ташкил топган мажбурий ва танлов фанлари блокларидан иборат бўлиши лозим.

Магистратура мутахассисликлари талабаларининг илмий-тадқиқот иши ва магистрлик диссертациясини тайёрлаш тартиби ва малака амалиёти (тажриба орттириш)ни ўташ тартиби олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан белгиланади.



7. КАДРЛАР ТАЙЁРЛАШ СИФАТИ

ВА ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ БАҲОЛАШ

        

7.1. Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари профессор-ўқитувчилари таркибига қўйиладиган умумий талаблар.

Бакалавриат ўқув режаси ва ўқув дастурини амалга оширишда ўқитилаётган фан бўйича таянч маълумотга, билимга, малака ва кўникмага эга бўлган малакали ўқитувчилар (магистр ёки дипломли мутахассислар), фан номзодлари, фалсафа доктори (PhD), доцентлар, фан доктори (DSc), профессорлар, илмий, педагогик ва ижодий унвонларга эга бўлган шахслар, шунингдек тажрибага эга бўлган юқори малакали мутахассис ва амалиётчилар жалб этилиши лозим.

Магистратура ўқув режаси ва ўқув дастурини амалга оширишда ўқитилаётган фан бўйича фан номзодлари, фалсафа доктори (PhD), доцентлар, фан доктори (DSc) ва профессорлар, илмий, педагогик ва ижодий унвонларга (даражаларга) эга бўлган юқори малакали мутахассис ва амалиётчилар жалб этилиши лозим.


7.2. Кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш.

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш сифатини назорат қилиш қуйидагилардан иборат:

ички назорат олий таълим муассасаси томонидан амалга оширилади. Ички назорат олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи томонидан тегишли равишда белгиланган рейтинг (баҳолаш) тизими ҳамда кредит-модуль тизими мезонларга мувофиқ ўрнатилган тартибда ўтказилади;

битирувчиларнинг якуний назорати олий таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг ўқув режаларига мувофиқ бакалавриатда ўқув фанлари бўйича якуний давлат аттестацияси ва (ёки) битирув малакавий иши ҳимояси, шунингдек магистратурада магистрлик диссертациясининг ҳимояси шаклида амалга оширилади;

давлат-жамоатчилик назорати олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат бошқарув органи, жамоат ташкилотлари ва кадрлар буюртмачилари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади;

ташқи назорат белгиланган тартибда олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат бошқаруви органи ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан амалга оширилади.


7.3. Олий таълим муассасаларининг фаолиятини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг фаолиятини баҳолаш Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги Қонуни ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида амалга оширилади.



8. ОЛИЙ ТАЪЛИМ ЙЎНАЛИШЛАРИ ВА

МУТАХАССИСЛИКЛАРИ БЎЙИЧА МАЛАКА

ТАЛАБЛАРИНИ ИШЛАБ ЧИҚИШ ВА

ТАТБИҚ ЭТИШ ТАРТИБИ

           

8.1. Малака талабларининг асосий мақсади ва вазифаси миллий малака рамкаси, касб стандартлари, кадрлар буюртмачилари, иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасаларнинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, олий таълим бакалавриат ва магистратура битирувчиларининг билим, уқув, кўникма ва компетенцияларига қўйиладиган талабларни белгилаш ҳисобланади.


8.2. Малака талаблари бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ҳар бири бўйича мазкур давлат стандарти, "Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори", миллий малака рамкаси, касб стандартлари, кадрлар буюртмачилари, иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасаларнинг талаб ва эҳтиёжларига мувофиқ ишлаб чиқилади.

Малака талаблари қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:

зарварақда (титул варағи) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг номи, ўрта қисмида таълим йўналиши ёки мутахассислик номи кўрсатилади;

зарварақ сиртида малака талаблари ким томонидан ишлаб чиқилгани ва киритилганлиги, тасдиқлангани ва жорий этилгани ҳамда ҳужжат мақоми кўрсатилади.

Мундарижада малака талабларининг асосий боблари кўрсатилади.

Таълим йўналиши ёки мутахассислигининг умумий тавсифи бобида малака талабининг қўлланиш соҳаси, асосий фойдаланувчилари, касбий фаолиятларининг тавсифи, бакалавр ёки магистр касбий фаолиятининг соҳалари, объектлари, турлари ҳамда касбий вазифалари келтирилади;

Таълим йўналишлари бўйича бакалаврнинг ёки мутахассислиги бўйича магистрнинг касбий компетенцияларига қўйиладиган талаблар бобида бакалавриат ёки магистратура битирувчиси эга бўлиши зарур бўлган умумий компетенциялар ҳамда касбий компетенциялар аниқ кўрсатилади.

Библиографик маълумотлар белгиланган тартибда келтирилади.

Келишув варағида малака талабини ишлаб чиққан таянч олий таълим муассасаси ректори имзоси ҳамда уни келишув жараёнидан ўтказган олий таълим муассасалари ва ташкилотлар раҳбарларининг имзолари қўйилади.

Малака талаблари:

А-4 форматли стандарт варақларининг "китоб кўринишида икки тарафига "Times New Roman" шрифтининг мақбул ўлчамида бостириб чиқарилади;

малака талаблари таълим йўналишлари бўйича таянч олий таълим муассасалари томонидан кадрлар буюртмачилари ва иш берувчи корхона, ташкилот ва муассасалар билан биргаликда тайёрланади ҳамда Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим йўналишлари бўйича ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш муҳокамасидан ўтказилади, шунингдек ушбу кенгаш ижобий хулосаси олингач Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланади;

тасдиқланган малака талаблари белгиланган тартибда икки нусхада расмийлаштирилади, уларнинг биринчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказида эталон сифатида, иккинчи нусхаси тегишли таянч олий таълим муассасасида сақланади ҳамда ундан нусхалар кўчирилиб талабномалар асосида бошқа олий таълим муассасаларига тарқатилади.



9. ЎҚУВ РЕЖА ВА ЎҚУВ ДАСТУРЛАРИНИ ИШЛАБ

ЧИҚИШ ВА ТАТБИҚ ЭТИШ ТАРТИБИ

          

9.1. Ўқув режаларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш тартиби.


9.1.1. Ўқув режаларнинг асосий мақсади ва вазифаси:

ўқув режасининг асосий мақсади - давлат таълим стандартлари ва малака талабларида бакалавр ва магистрларнинг малакаларига қўйилган талабларга мувофиқ етук ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун муайян бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларига оид ўқув фанлар, уларнинг ҳажми, машғулотлар турлари, ўқув жараёнининг мазмуни, таркиби, муддатлари ва ўқитишнинг мантиқий кетма-кетлигини белгилаш ҳамда тартибга солиш;

ўқув режасининг асосий вазифаси - муайян бакалавриат таълим йўналиши ва магистратура мутахассислиги бўйича таълим жараёни давомида ўқув фанларини семестрлар ва ўқув йиллар таркибида таълим олувчилар томонидан самарали ўзлаштирилишини таъминловчи мантиқий кетма-кетликда мақбул ҳолатга келтириш, ўқув фаолияти даври, турлари, соатлар ҳажми, кредитлар ҳамда якуний назорат муддатларини белгилаш.


9.1.2. Ўқув режаларини ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва таълим жараёнига жорий этиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ўқув режалар бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг ҳар бири бўйича мазкур давлат стандарти, "Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори", бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талабларига мувофиқ ишлаб чиқилади;

ўқув режалар таълим йўналишлари ва мутахассисликларга оид мажбурий ва танлов фанлари белгиланган ҳолда, уларнинг мазмун ва моҳиятидан келиб чиқиб, аудитория (маъруза, амалий, семинар, лаборатория ва бошқа машғулотлар) ва мустақил машғулотлар, ўқув ва ишлаб чиқариш (клиник, ижодий ва бошқа) амалиётлари, курс лойиҳаси, курс иши, ижодий ва бошқа ўқув вазифалари шаклида мантиқий кетма-кетликда, фанларга ажратилган кредитларга амал қилган тартибда шакллантирилади;

ўқув режаларга давомийлиги камида 15 ўқув ҳафтасига тенг семестрлар, ҳар бир семестрдан сўнг 2 - 4 ҳафталик аттестация сессиялари, тегишли довомийликдаги малака амалиётлари, таътиллар ва бошқа академик жараёнлар киритилади;

ўқув режалар:

рейтинг (баҳолаш) тизими учун жадвал шаклида А-4 форматли стандарт варақларининг "китоб кўринишида икки тарафига "Timcs New Romaii" шрифтининг мақбул ўлчамида бостириб чиқарилади;

кредит-модуль тизими учун жадвал шаклида А-4 форматли стандарт варақларининг "альбом кўринишида бир тарафига "Times New Roman" шрифтининг мақбул ўлчамида бостириб чиқарилади ва бирлаштириб тикилади;

зарур ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан келишилган тартибда ўқув режалар бошқа шаклда ишлаб чиқилишига йўл қўйилади;

ўқув режалар олий таълим муассасалари томонидан тайёрланади ва тасдиқланади;

тасдиқланган ўқув режалар белгиланган тартибда икки нусхада расмийлаштирилади, уларнинг биринчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказида, иккинчи нусхаси тегишли олий таълим муассасасида сақланади;

зарур ҳолларда олий таълим муассасалари томонидан уқув режаларга қушимча равишда факультатив, махсус курс ва бошқа турдаги машғулотлар киритилиши мумкин;

ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган ўқув режалар ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кундузги) таълим шаклининг таянч ўқув режалари ҳисобланади. Булар асосида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (кечки (сменали), сиртқи (махсус сиртқи), масофавий) таълим шакллари учун белгиланган тартибда ишчи ўқув режалар ишлаб чиқилади ва тегишли олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланади.

Олий таълим муассасалари томонидан ихтиёрий тарзда ишчи ўқув режалар қуйидаги ҳолларда ҳам ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши мумкин:

муайян таълим йўналишлар тегишли турлари бўйича ажратилиши назарда тутилганида (масалан, спорт турлари);

ўқув режаларда танлов фанларини долзарблигига қараб белгилаш эҳтиёжи мавжудлигида.

Ишчи ўқув режалар белгиланган тартибда икки нусхада расмийлаштирилади, уларнинг биринчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказида, иккинчи нусхаси тегишли олий таълим муассасасида сақланади.


9.2. Ўқув дастурларини ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш тартиби.


9.2.1. Ўқув дастурларининг асосий мақсади ва вазифаси:

Ўқув дастурининг асосий мақсади - давлат таълим стандартлари ва малака талабларида бакалавр ва магистрнинг билими, уқуви, кўникма ва компетенцияларига қўйилган талабларга мувофиқ ўқув режага киритилган муайян фан томонидан рақобатбардош мутахассисларни сифатли тайёрлаш учун шакллантирилиши зарур бўлган билим, кўникма ва компетенциялар мажмуини белгилаш, фан мазмуни ва таркибий қисмларини тартибга солишдир;

Ўқув дастурининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

ўқув фанига оид илм-фан, техника, технологияларнинг сўнгги ютуқларини, илғор хорижий тажрибаларни ҳисобга олган ҳолда ўқув машғулотлар мавзуларини шакллантириш, таълим шакли ва ўқув фанга ажратилган вақтга мувофиқ ўқув материалларни мавзулар ва ўқув машғулотлар турлари бўйича тақсимлаш, мақбул ҳолатга келтириш ва оптималлаштириш, уларнинг мантиқий кетма-кетлигини ҳамда бошқа фанлар билан интеграциясини таъминлаш;

узлуксиз таълим тизимининг таълим турлари ўртасидаги узвийлик ва узлуксизлигини, шунингдек, фаннинг мазмун ва мавзулари бошқа таълим турларидаги ҳамда турдош йўналишлардаги фанларнинг мазмун ва мавзулари билан такрорланмаслигини таъминлаш;

фанни ўзлаштириш, таълим олувчиларда фанга оид компетенцияларни, касбий билим ва кўникмаларни шакллантириш учун зарур ўқув-услубий шартлар, ўқув адабиётлар, дидактик материалларни ҳамда баҳолаш воситалари ва усуллари ёрдамида таълим олувчилар билимини назорат қилиш шаклларини белгилаш.


9.2.2. Ўқув дастурда ўқув материаллар маъруза, семинар, коллоквиум, амалий ва лаборатория машғулотлари, ўқув ва ишлаб чиқариш (клиник, ижодий ва бошқа) амалиётлари шаклида мантиқий кетма-кетликда белгиланади, шунингдек, ўқув фанининг мақсади ва вазифасига мувофиқ курс лойиҳаси, курс иши, мустақил иш, чизма-ҳисоб, ижодий, лаборатория ва бошқа ишлар ажратилган вақт меъёрларига мувофиқ ўқув дастурга киритилади.


9.2.3. Ўқув дастури қуйидаги таркибий қисмлардан иборат бўлиши лозим:

муқовада олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи номи, олий таълим муассасаси номи, "Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори"га мувофиқ тегишли билим, таълим соҳалари ва таълим йўналиши (мутахассислик)ларининг коди ва номлари, ҳаракатдаги ўқув режасига мувофиқ фаннинг тўлиқ номи, тасдиқланган саналари ва белгилари кўрсатилади;

ўқув дастурининг биринчи бетида унинг асосий параметрлари (фан коди, қайси ўқув йилидан жорий этилганлиги, семестр, фанга ажратилган кредитлар (соатлар), фан тури (мажбурий, танлов), таълим тили, ҳафтадаги дарс соатлари, фаннинг номи, аудитория ва мустақил машғулотлар ҳажми, жами юклама жадвал шаклида белгиланади;

"Фанинг мазмуни" ўқув фанининг мақсади ва унинг асосий вазифалари тегишли йўналиш бўйича мутахассис тайёрлаш вазифаларига боғланган ҳолда баён этилади;

"Асосий назарий қисм (маъруза машғулотлари)" ўқув фанининг мавзулари мантиқий кетма-кетликда келтирилади, ҳар бир мавзунинг моҳияти асосий тушунчалар ва қисқа ифодалар орқали таълим олувчиларга давлат таълим стандарти ва малака талаблари асосида етказилиши зарур бўлган билим ва кўникмалар қамраб олинган ҳолда ифодалаб берилади. Асосий назарий қисм модуллар шаклида берилиши мумкин;

"Амалий машғулотлар бўйича кўрсатма ва тавсиялар" ўқув фанининг моҳияти ва назарий мавзуларига мос равишда амалий, семинар ва лаборатория машғулотларининг мавзулари, ушбу машғулотларни ўтказиш шакллари, унда қўлланиши тавсия этиладиган технологиялар, усуллар, воситалар зарур ҳолларда муҳокама этиладиган мавзулар, масалалар, лаборатория ишларининг мазмуни, мақсади ҳамда фан моҳиятидан келиб чиқадиган бошқа маълумотлар ёритилади. Шунингдек, курс лойиҳаси ва курс ишлари, ижодий ишлар моҳияти, мазмуни, мақсади, мавзулари уларни бажариш шакллари ҳамда фан моҳиятидан келиб чиқадиган бошқа маълумотлар ёритилади. Шу билан бирга ушбу қисмда ўқув ва ишлаб чиқариш амалиётларининг мақсади, вазифаси, шакли, мазмуни, амалиёт жараёнида таълим олувчилар томонидан тайёрланиши зарур бўлган якуний ишлар шакли юзасидан қисқа услубий кўрсатмалар берилади;

"Мустақил таълим ва мустақил машғулотлар" қисмида мустақил таълимнинг шакли ва мазмуни, мустақил ишга мўлжалланган мавзулар ва топшириқлар, мустақил машғулотлар жараёнида таълим олувчилар томонидан тайёрланиши зарур бўлган ишлар реферат, эссе, мустақил (ижодий) иш, муаммоли маъруза ва бошқалар келтирилади;

"Фанни ўқитиш натижалари ва шаклланадиган касбий компетенциялар" қисмда таълим йўналиши (мутахассислик)га мувофиқ муайян фан бўйича таълим олувчи эгаллаши лозим бўлган билим, кўникма ва компетенциялар баён қилинади;

"Талабалар кредитларни олиш тартиби" кредит-модуль тизимида фан бўйича талабалар билимини назорат қилиш (баҳолаш) ва кредитларни олишга оид талаблар ўрнатилган тартибда белгиланади;

Рейтинг (баҳолаш) тизими асосида таълим жараёнини амалга ошираётган олий таълим муассасалари учун - "Талабалар рейтингини белгилаш тартиби" рейтинг тизимида фан бўйича талабалар билимини назорат қилиш (баҳолаш) тартиби белгиланади;

"Асосий ва қўшимча ўқув адабиётлар ҳамда ахборот манбалари" ўқув фанига оид асосий дарсликлар, ўқув қўлланмалар ва қўшимча адабиётлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурслари, диссертация, монография ҳамда бошқа тавсия этилган ўқув, илмий ва услубий маълумотлар манбалари келтирилади;

ўқув дастурнинг охирги бетида уни ишлаб чиққан олий таълим муассасаси номи, тузувчилар исми, фамилияси, лавозими, илмий даража ва унвонлари, тақризчилар исми, фамилияси, иш жойи, лавозими, илмий даража ва унвонлари, ўқув дастур кўриб чиқилган олий таълим муассасаси кенгаши баёнининг рақами келтирилади.


9.2.4. Ўқув дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва таълим жараёнига жорий этиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

ўқув дастурлар ўқув режаларда белгиланган ҳар бир ўқув фани бўйича мазкур давлат стандарти, "Олий таълимнинг Давлат таълим стандарти. Олий таълим йўналишлари ва мутахассисликлари классификатори", бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларининг малака талаблари ҳамда ўқув режаларига мувофиқ давлат олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади;

ўқув режаларга киритилиши тавсия этилган "Фалсафа" (таркибига "Диншунослик" ҳамда "Коррупцияга қарши кураш" мавзулар мажмуаси (модуллари) киритилган ҳолда) ва "Ўзбекистоннинг энг янги тарихи" фанларининг ўқув дастурлари гуманитар фанлар бўйича тегишли таянч олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши ҳамда бошқа олий таълим муассасалари ундан фойдаланиши лозим;

ўқув дастурлар таълим йўналишлари ва мутахассисликлар мақсади, вазифаси, мазмуни ва моҳиятидан келиб чиқиб, фан мавзулари ва мазмунини белгиланган тартибда мантиқий кетма-кетликда, ўқув фанига ажратилган вақт меъёрига амал қилган ҳолда шакллантирилади. Ўқув дастурлар мазкур давлат стандартида белгиланган талабларга жавоб берган ҳолда Силлабус шаклида ҳам ишлаб чиқилиши мумкин;

ўқув дастурнинг матни А-4 форматли стандарт варақларда, "Times New Roman" шрифтининг 14-ўлчамида, 1,15 интервалда, чап ва ўнг томонидан - 20, пастидан - 25, юқоридан - 20 мм ўлчамида ҳошияланган, бетларини рақамланиши варақнинг пастки қисмининг марказида жойлаштирилган ҳолатда бостириб чиқарилади;

ўқув дастурлари тасдиқланганидан сўнг А-5 форматида броппора шаклида чиқарилади;

олий таълим муассасалари томонидан тайёрланган ўқув дастурлари олий таълимнинг давлат таълим стандартлари, малака талаблари ва ўқув режаларга мувофиқлиги ҳамда сифати нуқтаи назаридан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш маркази томонидан танлаб мониторинг ва таҳлил қилинади. Мониторинг ва таҳлил натижалари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим йўналишлари бўйича ўқув-услубий бирлашмалар фаолиятини мувофиқлаштирувчи кенгаш муҳокамасига олиб чиқилади ва уларга баҳо берилади;

тасдиқланган ўқув дастурлар белгиланган тартибда икки нусхада расмийлаштирилади, уларнинг биринчи нусхаси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Олий таълимни ривожлантириш тадқиқотлари ва илғор технологияларни татбиқ этиш марказида, иккинчи нусхаси тегишли олий таълим муассасасида сақланади;

ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ўқув дастурлар (силлабуслар) ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда (кундузги) таълим шаклининг таянч ўқув дастурлари ҳисобланади. Булар асосида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда (кечки (сменали), сиртқи (махсус сиртқи), масофавий) таълим шакллари учун белгиланган тартибда ишчи ўқув дастурлар ишлаб чиқилади ва тегишли олий таълим муассасалари томонидан тасдиқланади.

          

          

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz).